Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади

“Енгил саноат соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–174-сон, 19.09.2025 й) қабул қилинди.

Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади.

Агентлик тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик саноати соҳаларида устувор йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Агентлик қошида Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Агентлик томонидан енгил саноат соҳасидаги корхоналарга 2025 йил 1 октябрдан қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланилади:

🔹 халқаро брендларни жалб қилиш, стандартлаштириш ва сертификатлашнинг халқаро тизимларини, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этиш;

🔹 экспорт шартномалари бўйича суғурталашни молиялаштириш харажатларини қоплаш ҳамда мутахассисларни ўқитиш учун грантлар ажратиш;

🔹 хорижий давлатларда савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, реклама кампанияларини ташкил этиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларининг бир қисмини қоплаш.