Ўзбекистонда банк хизматлари бўйича омбудсман институтини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 16-центабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиев маълум қилди.
Бу ташаббус ислом молияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида билдирилди. ЎзЛиДеП депутати Дилмурод Ортиқов Марказий банк ҳузуридаги Ислом молияси кенгашининг стандартлари ва функцияларини ҳуқуқий тартибга солиш юзасидан бир қанча фикр-мулоҳазаларини билдирди.
«Исломий банк фаолиятининг асосий хусусияти исломий молия стандартларига бориб тақалади. Яъни, исломий молия стандартлари асосида фаолият кўрсатиб туради. Бу жуда ҳам муҳим», — деди Ортиқов.
Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасида стандартлар Марказий банк томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилган. Бироқ унинг қўшимча қилишича, исломий молия стандартлари тушунчасининг ўзи бошқа ваколатли орган томонидан ҳам қабул қилиш имконини беради. Лекин қонун лойиҳаси айнан бошқа ваколатли орган белгиланмаган.
Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиев шундай жавоб берди:
«Стандартлар Марказий банк томонидан белгиланади. Бугунги кунда анъанавий банк хизматлари ҳам худди шунақа. Маълум бир банк амалиётлари ўтказилишида Марказий банкнинг тўғридан-тўғри нормалари мавжуд. Лекин шу билан бирга, бугунги кунда ҳам айрим банк операциялари халқаро стандартларга асосан ўтяпти. Марказий банк уларни қўллаш тартибини алоҳида белгилаши шарт эмас».
Турдиалиев исломий молия ҳам тан олинган халқаро стандартларга асосланиши кераклигини таъкидлади:
«Исломий молиявий хизматлар кенгашлари орқали бухгалтерия ҳисоби ва стандартларини белгиловчи иккита ташкилот бор. Биз уларни асос қилиб олишимиз ва шунга мувофиқ ишлашимиз керак. Бу Ўзбекистон ислом банк тизимига сармоя киритмоқчи бўлган хорижий инвесторларимизга тушунарли бўлади», — деди у.
Марказий банк раиси ўринбосари Ислом молия кенгаши ҳақида гапирар экан, банк хизматлари бўйича омбудсман хизматини ташкил этиш режаларини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, янги тузилма банклар ва тадбиркорлар ўртасида, асосан, судгача бўлган муносабатларни енгиллаштиради.
«Ҳозир қарайдиган бўлсак, банклар билан тадбиркорлар ўртасида суд муносабатлари ниҳоятда кўп ва ҳаммаси деярли судгача боряпти. Лекин келгусида омбудсман хизматини жорий этилади. Бу судга борадиган аризаларни кескин камайтиришга ва дастлабки даражада Марказий банкнинг аралашиши ва тушунтиришлари келгусидаги инструментлар, банк хизматларидан фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш тизимини кейинги босқичга ўтказиш мумкин бўлади», — деди Турдиалиев.
У таъкидлаганидек, худди шу тарзда келгусида Марказий банк учун ҳам худди шундай вазифани бажарадиган Ислом молияси кенгашида зарурат бор.
«Афсуски, Ўзбекистонда иқтисодий ислом молияси бўйича ўқиб келган мутахассислар бор ва амалиётга эга бўлган шахслар ниҳоятда кам. Шу муносабат билан, бу келгусида мана шу масала бўйича чиқадиган тушунмовчиликларни пасайтиради, хатоларни олдини олишга хизмат қиладиган функция бўлади», — деди у.