Ўзбек халқида азалдан катталар “Топганинг тўйларга буюрсин” деб дуо қилишади. Халқимиз ҳам яқингача тўйларни ким ўзарга ўтказишар эди. Ўзбек халқида тўй қадимдан энг катта ва энг муҳим маросимлардан бири ҳисобланади. Тўй – икки ёшнинг ҳаётидаги энг қувончли кун, оилаларнинг бирлашуви, қариндош-уруғ ва қўни-қўшниларни бир даврага тўплаш баҳонасидир. Аммо охирги йилларда тўйларимизнинг кўриниши тобора ўзгариб, дабдабага, ортиқча харажатларга интилиш одат тусига кириб бормоқда.
Дабдабали тўй – орзу ёки мажбурият?
Кўпчилик “халқдан кам бўлмаслик” ёки “одамлар нима дейди” деган ўй билан тўйда имконидан ортиқ сарф қилади. Натижада:
• Қарздор бўлиш, банк кредитларига кириб қолиш,
• Ёш оиланинг келажакдаги режаларига тўсқинлик,
• Ортга қараб “шунча пулни беҳуда сарфлабмиз” деган афсуслар пайдо бўлади.
Дабдабали тўйда қисқа вақт ичида меҳмонлар кўнгли кўтарилгани билан, ёш оилага ундан фойда эмас, зарар етиши мумкин.
Оддий ва самимий тўй – оқилона йўлми?
Яна бир қараш шуки, тўй ортиқча дабдабасиз, яқинлар даврасида ўтса ҳам ўз қадр-қимматини йўқотмайди. Муҳими – икки ёшнинг бахти, ота-оналарнинг дуоси ва самимий муҳит. Ортиқча сарф бўлмаган маблағ эса кейинчалик уй-жой, таълим, соғлиқ ёки кичик бизнесга йўналтирилса, оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлиши аниқ.
Савол очиқ қолади…
Бугун жамиятимизда тўй масаласи катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётгани бежиз эмас. Кимдир дабдаба тарафдори, кимдир эса соддаликни афзал кўради. Аслида, тўй – бу кўр-кўрона рақобат эмас, балки икки ёшнинг ҳаётидаги энг масъулиятли қадам ҳисобланади. Ogoh.uz ушбу мавзуда жамоатчилик фикрини ўрганди. Аҳолининг аксарият қисми тўйларни дабдабали ўтказишни, баъзилари оддий, баъзилари эса оддий хоҳласада ота-онанинг орзу ҳаваси борлигини айтиб ўтишди.