Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари БМТ минбарида нутқ сўзлайди

АҚШ Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида Бош Ассамблеянинг юбилей – саксонинчи сессияси (UNGA-80) давом этмоқда.

Мазкур нуфузли анжуманда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳам қатнашиб, нутқ сўзлаши кутиляпти, дея хабар бермоқда “The Times of Central Asia” нашри.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябргача давом этадиган ташриф билан Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турибди. Давлатимиз раҳбари режасига умумий мунозара очилиши кунида нутқ сўзлаш, шунингдек Бош котиб Антонио Гутерриш ва қатор давлат раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш киритилган.

Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам айни пайт Нью-Йоркда. Унинг маъмурияти сессия давомида миллий баёнот тақдим этилиши, юқори даражали ҳафта доирасида айрим давлатлар етакчилари билан учрашув уюштирилишини тасдиқлади.

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров 25 сентябргача Нью-Йоркда бўлиши расман тасдиқланган. У умумий муҳокамада нутқ сўзлайди, Хавфсизлик Кенгашининг сунъий интеллект бўйича мунозараси ва юқори даражали иқлим бўйича тадбирда қатнашади. Шунингдек, Бош котиб Антониу Гутерриш ҳамда турли минтақалар раҳбарлари билан суҳбатлашади.

Тожикистон Президенти матбуот хизмати 21 сентябрь куни Эмомали Раҳмон Қўшма Штатларга йўл олгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу қардош юрт етакчиси ҳам умумий мунозарада сўзга чиқади.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 21 сентябрь куни Ашхободдан Нью-Йоркка хизмат сафари билан етиб боргани маълум. Давлат оммавий ахборот воситалари унинг “UNGA-80”да иштирокини тасдиқлади.