БМТ Бош котиби Шавкат Мирзиёевнинг нутқига юксак баҳо берди



23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Учрашув БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича миллий вазифаларни амалга оширишда БМТнинг кўмаги муҳим экани таъкидланди.

Президентимиз БМТ тизимини замонавий талаблар асосида ислоҳ қилиш борасидаги Антониу Гутерриш ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигида 160 дан ортиқ лойиҳа ва дастур амалга оширилмоқда. Яқин ойларда беш йиллик янги Ҳамкорлик дастури имзоланиши режалаштирилган.

Ўз навбатида, БМТ Бош котиби давлатимиз раҳбарининг 80-юбилей сессиясидаги нутқини юқори баҳолаб, нутқдаги:
·  Барқарор ривожланиш,
·  Марказий Осиёнинг янги геосиёсий кимлигини шакллантириш,
·  Ёшлар, технологиялар, сунъий интеллект,
·  Маърифатпарвар ислом дини каби долзарб масалалар бўйича ташаббусларни муҳим деб баҳолади.

Учрашув якунида устувор йўналишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва янги дастурларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.