Ўзганинг ўрнига 38 йил қамоқда ўтирган америкаликка 25 млн доллар товон тўланди

Содир этмаган жинояти учун озодликдан маҳрум этилиб, 38 йил умри Калифорния қамоқхонасида ўтган Морис Ҳастингсга 25 млн доллар товон пули тўланди. The Guardian ёзишича, бу штат тарихида ноқонуний ҳукм учун амалга оширилган энг йирик тўловдир.

Морис Ҳастингс 1983 йилда Роберта Уайдермайер исмли аёлни ўлдиришда айбланиб қамалган. 2022 йилда ДНК экспертизаси унинг айбсизлигини исботлагач, озодликка чиқарилди. Маҳкум айбсизлигини исботлаш учун узоқ йиллар курашди, ДНК экспертизасини ўтказишни сўраб 2000 йилда қилган мурожаати фақат 2021 йилга келиб амалга ошди… Жиноят жойида қолдирилган из бошқа одамга тегишли бўлиб чиқди.

ДНК Уайдермайернинг ўлимидан уч ҳафта ўтиб, бошқа иш бўйича ҳибсга олинган Кеннет Пакнеттга тўғри келди. Ўша пайтда унинг ёнидан Уайдермайернинг нарсалари ҳам чиққан, бироқ бу ишга алоқадор сифатида кўрилмаган, полиция ва прокуратура жиноятни Ҳастингснинг бўйнига илган. Пакнетт эса навбатдаги жиноятларидан бири учун қамоқда ўтирган пайтида, 2020 йилда вафот этган.

2023 йилда суд расман Морис Ҳастингсни айбсиз деб топди.

«Ўғирланган 38 йил умримни ҳеч қандай пул қайтара олмайди», — деди 72 ёшли Ҳастингс суддан кейин берган интервюсида.

Адвокат Ник Брастин қўшимча қилишича, бу қарор бутун мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларини огоҳликка чақириши керак.