Гиёҳвандлик воситаларининг контрабандаси ва ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасининг Қувасой шаҳар Полмон МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида номаълум шахслар томонидан катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари қолдириб кетилганлиги аниқланди.
Терговга қадар текширув давомида Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан ўтказилган жами 7 дона қутиларда умумий қиймати 6 млрд 19 млн 980 минг сўмлик 53 522 дона “Регапен” ва 20 000 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дори воситалари эгаларининг шахсини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.