Нашр манбаларига кўра, Хитой Киберхавфсизлик бошқармаси икки ойлик кампания бошлаганини эълон қилган. Бу кампания интернет фойдаланувчилари орасида “атайин салбий ҳиссиётлар уйғотувчи”ларга қарши йўналтирилган.
Агентликнинг қайд этишича, ижтимоий тармоқлар, қисқа видео хизматлари, стриминг платформалари ва изоҳлар бўлимлари назорат остига олинади.
«Режада нафақат зўравонликка чақирувчи ва ёлғон хабарлар тарқатилиши, балки “ҳаддан ташқари пессимизм”ни тарғиб қилувчи контентни ҳам тўхтатиш кўзда тутилган», дея ёзмоқда Reuters.
Тақиққа шунингдек ўзини камситувчи, тушкунлик ифодаларини ўз ичига олган, ҳаддан ташқари умидсизликни тарқатувчи материаллар ва сунъий интеллект ёрдамида яратилган зўравонлик саҳналари ҳам тушади. Бундай контент жойлаштирган платформалар ва муаллифлар жазога тортилиши мумкин.
Бу Хитой ҳукуматининг шунга ўхшаш илк кампанияси эмас, 2021 йилдан бери Пекин камида беш марта бундай ташаббусларни эълон қилган.