Мопед учун айдовчилик гувоҳномаси, судьялар учун имтиёз ва ер майдонини ижарага олишнинг янги тартиби

Мопед ва скутер ҳайдовчилари учун ҳайдовчилик гувоҳномаси мажбурий этилиши, чиройли авторақамларни биржа орқали сотиш бекор қилиниши, субсидия ва грантларни ижтимоий карта орқали тақдим этиш — қонунчиликдаги ана шундай қатор ўзгаришлар келаси ойдан амал қила бошлайди.

Мопед ва скутер ҳайдовчилари учун ҳайдовчилик гувоҳномаси мажбурий бўлади

Эндиликда мопед ва скутерларни фақат давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг ва «А» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган тақдирдагина бошқариш мумкин. Бу қоида ишчи ҳажми 25 см³ дан 50 см³ гача, электр двигатели қуввати 0,25 кВт дан 4 кВт гача ва тезлиги 25–50 км/соат бўлган мопед ва скутерларга ҳам тааллуқли.

Чиройли авторақамлар савдоси бекор қилинади

1 октябрдан «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» (ЎзРТСБ) орқали чиройли авторақамлар аукциони ўтказилмайди.

  • Сотилмаган 1–3 тоифадаги рақамлар Uzavtomotobelgi корхонаси орқали оширилган тарифда сотилади.
  • 4–6 тоифадаги рақамлар эса амалдаги тартибда, қўшимча тўловсиз берилади.

Судьялар учун курслар

Судьяликка номзодлар Давлат гранти асосида Академияда 6 ойлик қайта тайёрлов курсларини ўтайди. Курсга қабул қилинганлар асосий иш жойидаги лавозимини сақлаб қолади ва судья ёрдамчисининг ойлик маоши миқдорида стипендия олади.

Инвестиция платформалари ва «Регуляторий қумхона»

1 октябрь 2026 йилгача махсус ҳуқуқий режимда қуйидагиларга рухсат берилади:

  • қимматли қоғозларни жойлаштириш ва сотиш,
  • венчур ва пай фондларини молиялаш,
  • коммандит шерикликларга ҳисса киритиш.

Ер ости бойликларини ишлатиш рухсатномалари учун тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш

Полез қазилмаларни очиқ усулда қазиб олиш билан шуғулланувчи тадбиркорларга рухсатнома аукцион тўловини бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилади.

Аукционсиз ер майдонларини ижарага олиш

Тадбиркорлар ўз бино ва иншоотларига туташ ерларни ижарага олишлари мумкин. (Таълим ва тиббиёт муассасалари ҳудудидан ташқари).

  • Ер майдони тўғридан-тўғри ижарага берилади.
  • Муддат – 1 йил, узайтириш имконияти билан.
  • Ижара ҳақи ер солиғи ставкасининг 3 бараваригача.
  • Шартнома электрон тарзда, ДСҚ назоратида рўйхатдан ўтказилади.

Хизмат сафарлари ҳисоботи ягона платформада

Давлат хизматчиларининг ички ва хорижий хизмат сафарлари «Xizmat safari» модулида юритилади:

  • режа ва натижаларни онлайн кузатиш,
  • харажатлар ва самарадорликни баҳолаш,
  • ҳар бир хизмат сафари бўйича ҳисобот тақдим этиш.

Пенсия тайинлаш ва тўлаш жараёнларини рақамлаштириш

«Халқ банки» орқали пенсия хизматлари Face-ID ва ЭҲИМ орқали кўрсатилади.

  • Маълумотлар Пенсия жамғармаси ва «Халқ банки» сўрови асосида Адлия вазирлиги томонидан бепул берилади.
  • Қурилмалар хариди Пенсия жамғармаси ва «Халқ банки» ҳисобидан қопланади.
  • Фуқароларга пенсия тайинлашда амалий ёрдам хизмати йўлга қўйилади.

Оқ шакар учун акциз бекор қилинади

Ароматизатор ва бўёқ қўшилмаган оқ шакарни Ўзбекистонга олиб киришда акциз солиғи олинмайди.

«Яшил сертификат»

Атроф-муҳитга I ва II тоифада таъсир этувчи технологик жараёнлар «Яшил сертификат»га эга бўлиши шарт. Унга эга бўлмаган корхона маҳсулот сертификати ололмайди.

  • 2026 йил июлига қадар шартнома тузган субъектлар учун экологик сертификатлаштириш ишлари бепул амалга оширилади.

«Ягона ойна» орқали божхона расмийлаштируви

Товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит қилиш билан боғлиқ барча ҳужжатлар фақат «Ягона ойна» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.

Субсидия ва грантлар – ижтимоий карта орқали

Камбағалликни қисқартириш Давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан бериладиган субсидия, грант ва қарзлар босқичма-босқич фуқароларга ижтимоий карта орқали тақдим этилади.