Одам савдоси бўйича Истанбулда қидирувда бўлган икки ўзбекистонлик аёл қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилди.
Маълумотларга кўра, ушбу шахслар Туркия ва Ўзбекистон ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда ушланган. Қўлга олинганлар — 1962 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Барно Муҳамедова ва 1987 йилда Наманган вилоятида туғилган Нозима Нажмиддинова.
Уларнинг ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Ўзбекистон ИИВ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига мурожаат қилиш сўралди.
Маълумот учун, 2025 йил 19 май куни қабул қилинган қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритилиб, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш, жабрланувчининг шахсий ҳужжатларини яшириш, йўқ қилиш ёки олиб қўйиш билан боғлиқ ҳолларда озодликдан маҳрум қилиш муддати 5 йилдан 10 йилгача этиб белгиланган. Илгари бу каби жиноятлар учун 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси тайинланган эди.