2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,7 фоизга ўсиши кутилмоқда

2025 йилда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ва Мўғулистонни ўз ичига олган минтақа иқтисодиёти ўртача 6,1 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Европа тикланиш ва тараққиёт банки эълон қилган ҳисоботда сўз боради.

“Минтақавий иқтисодий истиқболлар” номли ҳисоботда таъкидланишича, мазкур ўсиш саноат ишлаб чиқариши, кучли ички талаб, инвестициялар, реал иш ҳақларининг ўсиши ҳамда меҳнат мигрантлари юбораётган пул ўтказмаларининг кўпайиши ҳисобига таъминланади.

2026 йилда ижобий тенденциялар сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда, бироқ ўсиш суръати 5,2 фоизга пасайиши мумкин.

Ўзбекистон иқтисодиётида ўсиш тезлашди

ЕТТБ жорий йил биринчи ярмида Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш тезлашиб, 7,2 фоизни ташкил этгани, хусусан хизматлар секторидаги ўсиш 8,2 фоиз бўлганини қайд этган. Бундай юқори ўсиш – кучли ички талаб, реал иш ҳақларининг ўсиши ва пул ўтказмалари ҳажмининг 28,7 фоизга кўпайиши билан изоҳланган.

Банк маълумотларига кўра, ҳисобот даврида Ўзбекистоннинг саноат кўрсаткичлари ҳам яхшиланган – озиқ-овқат ва металлургия ишлаб чиқаришининг кучайиши бунга асос бўлган. Табиий газ қазиб олишдаги сустлик глобал олтин нархларининг юқорилиги ҳисобига қопланган.

ЕТТБ прогнозига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 6,7 фоизга, 2026 йилда эса 6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ушбу ўсиш кучли ички истеъмол ва инвестициялар, шунингдек, хорижий инвестициялар билан қўллаб-қувватланаётган диверcификациялашган ишлаб чиқаришнинг барқарор кенгайиши ҳисобига таъминланади.

Минтақа бўйича прогнозлар

ЕТТБ ҳисоботида Марказий Осиё мамлакатлари 2025 йилда ўртача 6,1 фоиз иқтисодий ўсишга эришиши прогноз қилинмоқда. Бироқ 2026 йилда бу кўрсаткич 5,2 фоизга пасайиши мумкин.

  • Қозоғистон – 2025 йилда 5,7 фоиз, 2026 йилда 4,5 фоиз ўсиши кутилмоқда. 2025 йилнинг I ярмидаги 11,6 фоиз ўсиш асосан Тенгиз конида нефт ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ҳисобига бўлган.
  • Қирғизистон – минтақада энг тез суръатларда ривожланмоқда. 2025 йилда 9 фоиз, 2026 йилда 6 фоиз ўсиши прогноз қилинган.
  • Монголия – 2025 йилда 5,8 фоиз, 2026 йилда 5,5 фоиз. Асосий драйвер – қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаси.
  • Тожикистон – 2025 йилда 7,5 фоиз, 2026 йилда 5,7 фоиз. Олтин нархларининг юқорилиги ва халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик ижобий рол ўйнайди.
  • Туркманистон – 2025-2026 йилларда 6,3 фоиз ўсиши прогноз қилинмоқда. Энергетика ва инфратузилма лойиҳалари асосий омиллар сифатида кўрсатилган.

Ҳисоботда хомашё нархларидаги кескин тебранишлар, Россия ва Хитой бозорларига юқори даражадаги қарамлик ҳамда пул ўтказмаларининг камайиши эҳтимоли минтақа учун асосий хавф сифатида қайд этилган.