Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида тез ёрдам машинаси автоҳалокатга учради. Ҳолат юзасидан Республика тез тиббий ёрдам маркази маълумот берди.
Унда айтилишича, ҳолат 25 сентябрь куни кечки соат 22:15 да Марғилон шаҳар ҳудудида Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона вилояти филиалининг Марғилон шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига тегишли махсус автотранспорт воситаси чақирувни бажариб қайтиш жараёнида содир бўлган.
3-оилавий поликлиника қаршисида катта тезликда ҳаракатланган Gentra бетон тўсиқдан ўтиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши оқибатида тез тиббий ёрдам машинасига урилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тез тиббий ёрдам шифокори ва фельдшери енгил тан жароҳат олиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, автотранспорт воситалари техник жиҳатдан шикастланган.
Ҳодиса юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.