Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарланишига овқатлантиришда хавфсизлик талаблари ва стандартлари бузилгани, етарли назорат бўлмагани сабаб бўлган. Болалар омбудсмани бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиб, айбдорлар қатъий жазоланишини сўрамоқда.
Қолаверса, жараёнда МТТ аутсорсерларининг фаолияти ўрганилиши, улар билан шартнома тузишда коррупциявий хавфлар бартараф этилиши кераклиги айтилди.
Болалар омбудсмани Тошкент вилоятининг бир қанча туманларида 2 мингга яқин боғча боласи заҳарланганига оид дастлабки ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Унга кўра, бундай нохушликлар болалар овқатланиши хавфсизлигини таъминлашга оид қонунчилик талаблари ва белгиланган стандартларга риоя этмаслик, бу борада назорат механизмларининг етарлича самарали йўлга қўйилмагани оқибатида юзага келмоқда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Тошкент вилоятидаги вазиятни айнан шундан деб баҳолаган.
“Албатта, тергов органлари томонидан ҳолатга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилиб, барча айбдор шахсларга қонун доирасида қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши шарт.
Шу билан бирга, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, жумладан таълим муассасаларида болаларнинг овқатланиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида соҳани тартибга солувчи стандартларга риоя қилиниши устидан алоҳида қатъий сифат назорати ўрнатилиши лозим”, — дейилади изоҳда.
Қўшимча қилинишича, болалар овқатланишига оид хизматларни кўрсатишга оид шартномалар тузишда инсон омилини минималлаштириш орқали коррупциявий хавфларни бартараф этиш зарур.