Фуқароларни Мексика орқали АҚШга юбормоқчи бўлган фирма раҳбари ушланди

Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбарининг фуқароларни ноқонуний равишда АҚШга юбориш ҳолати аниқланди.

У Самарқанд шаҳри ва Ургут туманида яшовчи 3 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни зарур ҳужжатлар билан таъминлаган ҳолда, Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига (АҚШ) жўнатиш эвазига ҳар биридан 32 минг АҚШ долларидан, жами 96 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда сайёҳлик фирмаси раҳбари талаб қилинган пулнинг олдиндан 15 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жиноятга тайёргарлик кўриш ва фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.