ИШИД бутунлай тугатилди

Афғонистонда “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) фаолияти бутунлай тўхтатилди. Бу ҳақда “Толибон” муваққат ҳукумати аъзоси Абдул Матин Қоний хабар берди.

Қоний бу баёнотни 34 вилоят инспекторлари иштирокидаги семинарда билдирган. У БМТ ва Европа Иттифоқининг Афғонистонлик қочқинлар орасида террорчилар сафарбар қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларига изоҳ берган.

Ҳаракат вакилининг сўзларига кўра, ИШИДнинг барча бузғунчилик фаолияти тўхтатилган ва бу борада ташвишга ўрин йўқ. Таъкидланишича, ИШИД раҳбарияти ва бошқаруви ҳар доим ташқаридан амалга оширилган.

Хавфсизлик ва разведка органлари чегара ҳудудларида вазиятни доимий назорат остида ушлаб турибди”, деган “Толибон” вакили.

Маълумот ўрнида, ИШИД ҳаракати 2000 йилларнинг бошида Ироқда шаклланган. У дастлаб “Ал-Қоида”нинг Ироқдаги бўлинмаси сифатида пайдо бўлган, кейинчалик мустақил ташкилот сифатида фаолиятини давом эттирган. Гуруҳ 2014 йилда катта машҳурликка эришган, чунки у Ироқ ва Сурия ҳудудларининг катта қисмини эгаллаган.