Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳаси олдида бир қатор жиддий муаммолар турибди: аҳолининг тезкор ва сифатли тиббий хизматга бўлган талаби ортиб бормоқда, касалликларнинг янги шакллари пайдо бўлмоқда, профилактика ишларида самарадорлик етарли даражада эмас. Шу билан бирга, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, умр давомийлигини узайтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишига айланган.

Ана шундай вазиятда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда тиббиёт тизимини бошқариш, ривожлантириш ва мавжуд муаммоларга тизимли ечим топиш учун масъул бўлган бош муассаса сифатида фаолият юритади. Охирги йилларда ушбу тизимда кўплаб муаммолар кўзга ташланди. Журналистлар ва жамоатчилик фаоллари учун энг ёпиқ вазирликлар қаторига кирувчи ушбу ташкилотда кимлар фаолият юритади?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти 1 та вазир ва 5 та ўринбосарни ташкил қилади.

Худаёров Асилбек Анварович – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири

Асилбек Худаяров 2024 йил бошида собиқ соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг ўрнига вазир этиб тайинланган. Бунгача у соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Президент администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси раҳбари бўлган. 2023-йил октябрдан Президент администрацияси ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Бобоев Алишер Шукруллаевич – Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари

Алишер Бобоев 1996-йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаб, ушбу олий ўқув юртининг клиник ординатура йўналишида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 1998-йилда Тошкент давлат тиббиёт институтида катта лаборант сифатида бошлаган. Шу пайтгача соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажариш Даврон Тахирович Султанов зиммасига юкланганди. У Президент администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти соғлиқни сақлашни ривожлантириш шуъбаси мудири ҳисобланади. 2025 йил 7 май куни Президент ўтказган йиғилишда Даврон Султонов лавозимидан озод этилди. Бундан аввалги биринчи ўринбосар Алишер Каюмович Шадманов узоқ муддатли даволаниши муносабати билан меҳнат таътилига чиққан эди.

Баситхонова Элмира Иркиновна – соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари

Баситхонова Элмира Иркиновна – 1958 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1981 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини «даволаш иши» йўналиши бўйича тамомлаган. Унвони – тиббиёт фанлари доктори, профессор. У 2020 йилнинг июл ойида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлигига қайтган. 1998 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими, 2014 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган. Элмира Баситхонова фолияти “Док1 – Макс” препаратидан заҳарланиб вафот этган болалар воқеаси сабаб кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Судда вазир ўринбосари препаратдан вафот этган болаларнинг ота-оналаридан узр сўраган. Шунингдек, 2023 йилнинг сентябр ойида Наманган вилоятининг Чуст туманида болаларнинг оммавий заҳарланиши содир бўлган. Халқ орасида болаларнинг доридан заҳарлангани ҳақида хулосалар пайдо бўлган. Аммо Элмира Баситхонова ҳолат бўйича ташкил этилган матбуот анжуманида болаларда кузатилган нохуш ҳолат дори воситалари ёки овқатдан заҳарланиш эмас, мавсумий касаллик бўлиши мумкинлигини айтган эди.

Омонов Олим Муродуллаевич – Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари

Омонов Олим Муродуллаевич – 1979 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Тошкент электротехника алоқа институтида таълимнинг бакалавр босқичини, Тошкент ахборот технологиялари университетида эса магистратура босқичини тамомлаган. 2023 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазирининг ИТ-технологияларни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2025 йил 7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев тизимга боғлиқ йиғилишда тиббий суғуртани жорий қилиш сурилиб келаётганини танқид қилиб, Олим Омонов 6 ойда рақамлаштиришда ўзгариш қилмаса, ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирилган эди.

Ташпулатов Фарходжон Мухаммаджонович – Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари

Ташпулатов Фарходжон Мухаммаджонович – 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. 2023 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари сифатида ишлаб келади,

Соғлиқни сақлаш вазирининг бешинчи ўринбосар лавозими ҳозирча вакант ҳисобланади. Ушбу лавозимда аввал Шарипов Фаррух Рахимович фаолият юритган. 2025 йил 7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев тизимда йўл қўйилган камчилик ва хатолар учун Фаррух Шариповни лавозимидан озод этган эди.

Шунингдек, Санаев Фурқат Чориевич – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи. У бу лавозимга 2019 йилнинг октябр ойида тайинланган ва шу вақтдан буён ишлаб келмоқда. Тизим билан боғлиқ жамоатчилик ва журналистларнинг саволлари кўп ҳолларда очиқ қолади. Фурқат Санаев жамоатчиликка ёпиқ матбуот котиб сифатида танилган.