Ойлик инфляция бироз тезлашган, йиллик инфляция эса сезиларли секинлашган

Сентябрь ойида ойлик инфляция олдинги ойга нисбатан 0,2 фоиз бандга тезлашиб 0,6 фоизни ташкил этган бўлса, йиллик инфляция 8,8 фоиздан 8 фоизгача секинлашган.

Йиллик инфляциянинг сезиларли секинлашиши олдинги йилдаги баъзи вазни оғир товарларнинг юқори база эффекти чиқиб кетганлиги билан изоҳланиши мумкин. Хусусан, 2024 йилнинг сентябрь ойида картошка нархи 11 фоизга ошган бўлса, жорий йилда 0,4 фоизга арзонлашган, пиёз нархи эса бир йил олдин мос ойда 10 фоизга қимматлаган бўлса, жорий йил сентябрь ойида  3,6 фоизга арзонлаган.  Шунингдек, 2024 йил сентябрида пропан нархи 15,7 фоизга қимматлаган бўлса, жорий йилда 1 фоизга арзонлаганлиги кузатилган.

Сентябрь ойида озиқ-овқат товарлари инфляцияси 0,9 фоизни ташкил этган бўлса, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларнинг ойлик нарх ўсиши 0,3 фоизни ташкил этган. Озиқ-овқат маҳсулотлари инфляциясининг тезлашиши мавсумий  пишиқчиликнинг тугаб бораётганлиги билан изоҳланади.  Ойлик кўрсаткичларда озиқ-овқат товарлари нархи бошқа гуруҳларга нисбатан юқори ўсган бўлса-да, йиллик ҳисобда Хизматлар инфляцияси етакчилик қилишда давом этмоқда.  Хусусан, хизматларнинг йиллик инфляцияси 14,9  фоизни ташкил этган (олдинги ойга нисбатан 1,3 фоиз бандга секинлашган), озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларининг йиллик инфляцияси эса 6,1 фоизни ташкил этмоқда.

Ой давомида помидор (17 фоиз), булғор қалампири (10,4 фоиз),  музей хизматлари (8,7 фоиз),  сабзи (7,7 фоиз) ҳамда тухум (6,5 фоиз) каби товарлар нархи юқори ўсган.