Россияда чиқиндиларни ташиш нархи 10 баробар ошиши мумкин

Россияда чиқиндиларни ташиш хизматлари нархи 10 баробаргача қимматлаши эҳтимол қилиняпти. Бу ҳақда Россия экологик оператори (РЭО) маълум қилди. Сабаби – мамлакатда йилига 14 миллион тонна чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган қувват етишмаяпти.

РЭО вакиллари айтишича, кўпгина тадбиркорлар учун чиқиндиларни қайта ишлашдан кўра янги полигон қуриш арзонроққа тушади. Бироқ йирик шаҳарлар яқинида бундай майдонлар деярли қолмаган. Масалан, Москвадаги чиқиндиларнинг бир қисми Қалугага олиб борилади, келгусида эса яна узоқроқ ҳудудларга чиқариш эҳтимоли бор. Бу эса тарифларни янада ошириши мумкин.

Шу билан бирга, Саноат ва савдо вазирлиги амалдаги экотўлов ставкалари аллақачон юқори эканини таъкидлаб, компаниялар утилизация учун ортиқча маблағ сарфлаётганини билдирган.

Маълумот учун, 2024 йилда чиқиндиларни утилизация қилиш учун экотўлов ставкалари уч йиллик қилиб белгиланган эди. Бундан ташқари, апрелда айрим ҳудудларда чиқиндиларни ташиш тўлови хонадонда яшовчи одамлар сонига эмас, балки уй майдонига қараб ҳисобланиши мумкинлиги айтилган. Конституциявий суд эса июль ойида бу тартибни қонуний деб топганди.