Кам ишлаб кўп ютган, кўп ишлаб орқада қолган давлатлар

2025 йилда халқаро меҳнат бозорида иш вақти ва самарадорлик ўртасидаги тафовутлар янада яққол намоён бўлди. Sky.pro платформаси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, айрим мамлакатларда одамлар йилига 2 минг соатдан ортиқ меҳнат қилса-да, иқтисодий самарадорлик паст бўлиб қолмоқда.

Масалан, Мексика фуқаролари йилига ўртача 2137 соат ишлайди — бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири. Аммо мамлакат меҳнат унумдорлиги бўйича Европанинг ривожланган давлатларидан анча орқада. Шу қаторда Коста-Рика (2073 соат), Жанубий Корея (1908 соат), Россия (1887 соат) ва Греция (1872 соат) ҳам иш соати бўйича юқори ўринларда турса-да, самарадорлик жиҳатидан паст кўрсаткичларга эга.

Бунга қарши равишда, кам ишлаб юқори натижага эришган мамлакатлар ҳам мавжуд. Масалан, Люксембургда ҳар соат меҳнат 102,5 доллар ЯИМ келтиради, Норвегияда — 89,8 доллар, Швейцарияда — 84,3 доллар, Данияда — 76,5 доллар, АҚШда — 75,1 доллар. Солиштириш учун, Мексикада бу кўрсаткич атиги 22,8 доллар, Коста-Рикада 19,6 доллар, Жанубий Кореяда 41,2 доллар.

Тадқиқотда қайд этилишича, иш вақтининг узун-қисқалиги мамлакат маданияти билан ҳам боғлиқ. Шарқий Осиёда узоқ ишлаш садоқат рамзи сифатида қабул қилинса, Скандинавияда бу самарасизлик деб баҳоланади. Америкада узоқ иш муваффақият белгиси саналса, Европанинг жанубий қисмида иш ва дам олиш баланси устувор ҳисобланади. Масалан, Японияда ишдан кейинги корпоратив йиғилишлар — “номикаи”лар — иш маданиятининг ажралмас қисми бўлса, Данияда соат 16:30 дан кейин офислар бўшаб кетади.

Мутаҳассислар таъкидлашича, инсон мияси 6 соатдан ортиқ самарали ишлай олмайди. Шунинг учун қисқароқ иш куни меҳнат унумдорлигини оширади, стресс ва чарчоқни камайтиради. World Happiness Report 2025 маълумотларига кўра, дунёдаги энг бахтли 10 мамлакатдан 7 тасида иш ҳафтаси 40 соатдан кам. Масалан, Нидерландияда аҳолининг 76 фоизи қисман масофадан ишлайди, иш куни ўртача 7,5 соатни ташкил этади ва мамлакат Европадаги энг юқори меҳнат самарадорлигига эга.

Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, иш соати даражаси мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти билан бевосита боғлиқ. ЯИМ даражаси қанчалик юқори бўлса, иш соати шунчалик қисқароқ бўлади. Технологиялар ва автоматизация иш вақтини 10–15 фоизга қисқартирмоқда, социал ҳимоя ва юқори маош эса кам ишлаб кўпроқ яшаш имконини яратади.

Тадқиқотларга кўра, 2030 йилга келиб ривожланган давлатларда иш ҳафтаси 30 соатгача қисқариши мумкин. Ривожланаётган мамлакатларда бу жараён аста-секинлик билан кечади, аммо йўналиш умумий — “кўп ишлаш” эмас, “самарали ишлаш” тамойили кучаймоқда.

Технологик соҳалар учун Эстония, Канада, Нидерландия, Швеция ва Сингапур, молия ва консалтинг учун Швейцария, Ирландия ва Германия, ижодий йўналишлар учун эса Дания, Янги Зеландия ва Португалия энг қулай мамлакатлар сифатида қайд этилган.

Тадқиқот хулосасига кўра, келажакда меҳнат бозоридаги асосий мезон иш соатининг сони эмас, ишнинг самарадорлиги ва инсон ҳаётининг сифати бўлади.