Чинакам ривожланиш қалбдан бошланиши керак…

Тошкент вилоятининг Бекобод туманида юртимиздаги бир қатор таниқли олимлар, жумладан, юридик фанлари доктори ва профессор Ҳалимбой Бобоев, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси – академик,Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, психология фанлари доктори, профессор, академик, “Профи” университети ректори Ғайрат Шоумаров,  шунингдек, иқтисодиёт фанлари доктори, академик, Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми” кафедраси профессори Нурислом Тухлиев иштирокида“Ҳаётимиз файзи – устозлар билан” мавзуида илмий анжуман ўтказилди.

Туман ҳокими З. Низомиддинов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда барча соҳа вакиллари, маҳалла ёшлар етакчилари ва фаоллари, маънавият мутасаддилари, ўқитувчилар, давлат ташкилотлари ходимлари иштирок этган тадбир қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди.

Саодат – маънавият ва моддият мувозанатида

– Ҳуқуқ ва бурч доим бирдек келади. Танганинг икки томони бор. Қанчалик ҳуқуқ берилса, шунчалик масъулият ҳам ошиб боради, — дейди сўзган чиққан олим Ҳалим Бобоев. – Янги Ўзбекистондаги оддий фуқаро сифатида охирги ўзгаришлардан, давлат сиёсати, энг аввало, инсон қадрига қаратилгани, жадал ислоҳотлар шукуҳи билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Бу улуғвор ишларга ҳар биримиз ўзимизнинг муносиб улушимиз қўшсак, давлатимиз тез ривожланади. Бугунги ёшлар саодатга эришмоқ учун маънавий ва моддий дунёнинг мувозанатига эришмоғи керак.

Ёшлигимиз Бекободда ўтган. Шу сабабли бундай дилбар тадбирга таклиф этишганида дарров рози бўла қолдим, — дея сўзини давом эттиради нотиқ. – Бахтга фақат меҳнат билан эришилади. Ҳаётда эзгуни ният, эзгу сўз ва эзгу амал билан тўғри юриш керак. Ёшларимиз ота-онасини асраши керак. Ҳозир айтаманки, агар ота-онам тирик бўлишса, мен уларни қўлимда кўтариб юрар эдим. Лекин баъзан “улар хизматларини тўкис қилолдиммикан”, деган армон мени қийнайди…

Мен ўзимни бой деб ўйлайман. 60 йилдан буён дарс бераман. Қаерга бормай 4-5 нафар шогирдларим пешвоз чиқишади. Бошқа мамлакатларда ҳам яшашади. Бундан ортиқ бойлик бўладими инсон учун? Бугун Ўзбекистон очиқ, дунё очиқ. Тилларни пухта билиш керак. Ёшлар жаҳонга шунчаки эмас, балки катта илм ва маърифат билан чиқиши керак. Биз олимлар ҳам жим қараб туришга ҳақимиз йўқ, илм-фан ва ҳуқуқ йўналишида қўлдан келгунча тараққиётга ҳисса қўшдик, қўшаяпмиз ва бундан кейин ҳам қўшамиз.

Ҳаловатда олий бахт бор

– Мустақилликнинг 34 йиллиги катта сарҳисоб учун муносиб давр. Биз уч даврни қиёслаб, таққослаш имкониятига эгамиз. Ижтимоий катта муаммоларга эга бўлган ўтиш даври қийинчиликларини бошимиздан ўтказдик. Бугунги кундаги янгиланишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Халқ билан мулоқотга асосий эътибор қаратилди, — дейди сўзга чиққан академик, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов. – Муҳтарам Президентимизнинг улкан бунёдкорлик сиёсати билан бугунги таҳликали дунёда юртнинг мана шундай жадал тараққиётини кўриш, унинг иштирокчисига айланиш – бу фақат бахт.

Бекобод туманининг 80 кмдан ортиқ чегараси қўшни Тожикистон билан туташ-чегарадош. Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон билан чегаралар масалалари ҳал бўлганини сизлар кундалик ҳаётингизда ҳис қилиб турибсиз. Бу жуда оғир, эҳтимол ҳал қилиб бўлмайдиган муаммодай туюларди. Сиёсатчининг донолиги, интеграция йўлидаги қатъий иродаси, энг олис ҳудудлардаги оддий одамлар дардини юраги призмасидан ўтказиб чоралар кўраётгани ана шундай тарихий натижаларни берди.

Бугунги кунда “Учинчи Ренессанс” ғояси илгари сурилди. Бу ҳавойи гаплар эмас. Ёшларимиз энг катта ихтироларга қўл ураяпти. Жаҳоннинг ТОП – 10лик олийгоҳларида ўзбек талабалари сафи кенгаймоқда. Биз келгуси баркамол авлодга ишониб, катта инвестиция киритиб, қамров ва сифатни ошириб қўйган марраларимизга эришамиз албатта.  

Оила бахти – жамият бахтидир

— Биз одатда ёшлар билан учрашардик. Туман марказида ўтаётган бугунги давра иштирокчилари турли соҳа вакилларидан иборат экан, менга жуда манзур бўлди. Ҳозир жуда яхши замонда яшаяпмиз. Мен муқаддам бугун халқимиз мана шундай фаровон яшашини тасаввур ҳам қила олмас эдим, — дейди сўзга чиққан психология фанлари доктори, профессор, академик, “Профи” университети ректори Ғайрат Шоумаров. – Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, раҳбар психологияси, ижодкор психологияси, аёллар ва эркаклар психологияси, ўқитувчилар психологияси, ёшлар психологияси бор.

Дунёни ўзингиз кузатиб турибсиз. Афсуски, оила институти жуда оғир аҳволга тушиб қолди. Бир пайтлар урушлардан эшалонлаб етим болаларни битта қолдирмай ўз бағрига олган миллатнинг айрим маънавиятсиз шахслари бугун ўз фарзандини кўчага олиб чиқиб сотаяпти. Шундайлар орамизда борлиги изтиробли. Миллий қадриятларимизга бефарқликка тоқат қилмаслик керак, — дея куюнчаклик билан давом этади академик Ғ.Шоумаров. – Оила бахти – жамият бахтидир. Оилада муносабатга киришувчи томонларнинг бир-бирига эҳтиром ва ҳурмати бу хилқатни мустаҳкамловчи энг асосий омилдир.Психологик саводсизлигимиз юқори. Одатда элиментар нарсаларни ҳам билмаймиз. Ажримлар кўпаётгани, қўйди-чиқдилар кўпаётганига барчамиз бирдек масъулмиз.

“Оила психологияси” китобининг муаллифи сифатида айтишимиз мумкинми, оилавий инқирозли ҳолатларнинг турли босқичларида биз ёшларга тўғри йўлни кўрсата олаяпмиз. Муаммоларни биз ҳал қилмасак, ким ҳал қилади? Психологик қонуниятлар, жинсий тарбия соатларини, муҳаббат талқинларини тизимли ўқитишимиз керак. Албатта, биздан кейинги авлод қандай бўлиши, кўп жиҳатдан етук ёшдаги биз каби шахсларга боғлиқ бўлади. Ва бу даврада ўтирган ҳеч биримиз ушбу вазифамизни унутмаслигимиз керак.

Фақат ўзига тўқларгина бошқанинг бошини силай олади

— Бугун замонавий технологиялардан бемалол фойдалана оладиган йигит-қизларимизга тарбиянинг қандай шакли кераклигини теран англашимиз керак, — дейди сўзга чиқар экан, иқтисодиёт фанлари доктори, академик Нурислом Тухлиев. – Яқинда менга бир шогирдим савол берди: халқни бирлаштирадиган тилми, динми ёки иқтисодий омилларми? Қай бирини бирламчи, деб ҳисоблайсиз устоз, деб қолди? Иқтисодиёт албатта бирламчи, ўзига тўқ одам бировнинг бошини силай олади. Осиё иқтисодиётида локомотив давлат бўлган Сингапур давлатини олинг. Учта тил, учта дин, учта миллат вакиллари яшайдиган жуда ғаройиб мамлакат. Ер ости ресурслари мутлақо йўқ. Битта ютуғи, очиқ денгизи бор. Мамлакат катта тараққиётга эришди. Иқтисодий ислоҳотларни тўғри йўлга қўя олди. Қайси даврда иқтисодиёт барқарор ривожланган бўлса, ўша даврда илм-фан, тиббиёт, дин, барча соҳалар бирдек юксалган. Бугунги кунда мана шу каби изчил ислоҳотлар ҳаётимизда жадал амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, камчиликларимизни ҳам очиқ айтишимиз, ойнага тик қарашни ўрганишимиз лозим. Биз ҳалигача Авлоний, Фитрат, Беҳбудий каби жадид боболаримизни ўйлантирган маиший муаммолардан қутулиб кета олмаётганимиз ҳам рост, — дейди таниқли иқтисодиётчи олим Н.Тўхлиев ўз нутқида. – Ёшларимизга қарасангиз, уларнинг юриш-туриши, ўзини тутиши, гап-сўзлари қандай эркин ва дадил. Ҳеч бирининг эгни қисиқ эмас. Ҳавас қилса арзийди. Бу ҳам Янги Ўзбекистонда кечаётган янги ҳаётий тутумнинг ёрқин белгиси, янги даврнинг нафаси ифодасидир. Ана шу фарзандларимиз энди ўзини, ўзлигини, кимнинг фарзанди эканини чуқур англаб олишлари керак.

Дунёда кечаётган урушлар инсоннинг бир парча нон каби қадри йўқлигини кўрсатаяпти. Шу сабабли юртимизнинг эрки ва мустақиллиги нақадар улуғ неъмат эканлигини унутмаслик керак. Сув ўз йўлини топгани каби, глобаллашган дунёда ёшларимиз шу Ватаннинг қадрини билган ҳолда ўзининг тўғри ўзанини топиб олиши керак. Бу жараёнда барчамиз, айниқса, биз олимлар яқиндан кўмак ва ёрдам беришимиз зарур. Чинакам ривожланиш қалбда бошланиши керак. Озод ва эркин инсоннинг қалби билан ишламоқ керак, соф инсоний кечинмаларни улуғлаб камолга етказишимиз жуда муҳим.

Тадбир сўнггида мунозараларда фаол иштирок этган, эътиборли саволлар берган иштирокчиларга 100дан ортиқ китоблар академиклар дастхатлари билан туҳфа этилди.