Президент матбуот хизмати илк бор давлат раҳбарининг шахсий вензелидан фойдаланди

Бугун Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг телефон орқали мулоқоти ҳақидаги хабарда илк бор Президентнинг шахсий вензелидан фойдаланди.

Белгида саккиз қиррали юлдуз, давлат байроғи фонидаги Хумо қуши тасвирланган.

Маълумот учун, Президент белгиси ва штандарти (байроғи) 2021 йил 25 октябрда қонун билан тасдиқланган. У Президентнинг расмий фарқловчи рамзи ҳисобланади ва давлат раҳбарига қасамёд қабул қилгандан сўнг топширилади.

Шу пайтга қадар Президент матбуот хизмати хабарларида ўз логотипидан фойдаланиб келган эди.