Google янги Pixel 10 смартфонида ноёб функцияни жорий этди — энди суҳбат вақтида ҳар икки томон ўз она тилида гапириши мумкин. Телефон жавобни автоматик равишда таржима қилади ва гапираётган инсоннинг овоз тембрини сақлаган ҳолда қайта ўқиб беради.
Янги технологиянинг асосий ютуғи — инсон овозининг табиийлиги ва интонацияси сақланади. Шунинг учун таржима қилинган гаплар сунъий эмас, балки ҳақиқий инсон сўзлаётгандек эшитилади.
Таржима жараёни Pixel 10’нинг Tensor G5 чипи ва Gemini Nano AI модели ёрдамида тўлиқ қурилма ичида амалга оширилади. Бу маълумотларни булутга юборишни талаб қилмайди — демак, жараён тез, хавфсиз ва махфий.
Google маълумотига кўра, функция инглиз, испан, немис, итальян, япон, француз, ҳинд, португал, индонез, рус ва швед тилларини қўллаб-қувватлайди. Шу боис Pixel 10 нафақат шахсий, балки халқаро ва бизнес мулоқотлар учун ҳам қулай воситага айланади.
Функцияни фақат Pixel 10 фойдаланувчиси ёқиши кифоя — қўнғироқдаги иккинчи шахс оддий телефондан гапириши мумкин, таржима эса автоматик равишда ва фон режимда амалга ошади.
Мутахассислар бу янгиликни смартфонлар ривожида янги босқич деб баҳоламоқда — у сўзнигина эмас, инсоннинг ҳисси ва овоздаги табиийликни ҳам сақлаб қолади.