Эронда мажбурий ҳижоб устидан назорат сусайтирилди

Эрон Мақсадга мувофиқликни аниқлаш кенгаши аъзоси Муҳаммадризо Баҳонар мажбурий ҳижоб кийиш тўғрисидаги қонун эндиликда ижро этилмаслигини ва уни бузиш жарима ёки жазога сабаб бўлмаслигини маълум қилди.

Бу нимани англатади? Ҳукумат 2024 йилда парламент томонидан қабул қилинган, дресс-код қоидаларини бузганлик учун катта жарималар ва узоқ муддатли қамоқ жазоларини назарда тутувчи янги, янада қаттиқроқ ҳижоб ва иффат тўғрисидаги қонун амалини тўхтатди.

Янги қонун бўйича жазо чораларининг тўхтатилиши, эски юридик нормалар расман сақланиб қолишига қарамай, ҳижоб кийишни амалда шахсий танловга айлантирмоқда.