Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га қўшилиши 2019 йилда ташкилот ривожида ҳал қилувчи бурилиш нуқтаси бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакат аъзоликка кирганидан сўнг, ташкилот фаолиятига янги сиёсий ва иқтисодий мазмун қўшилди. Бу қадам ТДТни туркий дунё давлатларининг амалий ҳамкорлик платформасига айлантирди.
2022 йилда Самарқандда Ўзбекистон раислигида ўтган саммит ТДТ тарихида муҳим воқеа сифатида қайд этилди. Унда «Самарқанд декларацияси», 2022–2026 йилларга мўлжалланган ТДТ стратегияси ва «Туркий дунё нигоҳи–2040» концепцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар иқтисодиёт, транспорт, рақамли технологиялар, фан, таълим, маданият ва «яшил энергетика» соҳаларидаги узоқ муддатли йўналишларни белгилаб берди.
Ўзбекистон раислиги даврида Туркий инвестиция жамғармасини яратиш бўйича амалий ишлар бошланди. Бу тузилма ТДТ доирасидаги қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг асосий воситаси бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, савдо ва божхона ҳамкорлигини соддалаштириш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди.
Ҳуманитар йўналишда ҳам фаол ишлар амалга оширилди. Бухорода ТДТ мамлакатлари ёш етакчилари форуми ўтказилиб, шаҳар «Туркий дунёнинг ёшлар пойтахти» деб эълон қилинди. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг ташкилотдаги ҳуманитар сиёсатга қўшган ҳиссасини мустаҳкамлади.
2025 йилнинг 6–7 октябрь кунлари Габалада бўлиб ўтган навбатдаги саммитда ҳам Ўзбекистон туркий дунё бирдамлигини амалий ҳамкорлик, инвестиция, инфратузилма ва билим алмашув орқали мустаҳкамлаш ғоясини илгари сурди. Президент Мирзиёев таъкидлаганидек, туркий ҳамжиҳатлик рамзларда эмас, аниқ натижаларда ифодаланиши лозим.
Кўп қиррали шерикликни кенгайтириш ва жадаллаштириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Ушбу ҳужжатларда қуйидаги аниқ йўналиш ва чора-тадбирларни акс эттириш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти яқин истиқболда ТДТ доирасида савдо, бизнес ва ўзаро инвестициялар учун энг қулай шароитлар, ҳуқуқий асос ва инфратузилма яратишни назарда тутадиган Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади.
Амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш, хусусан, Туркий инвестиция жамғармаси доирасидаги режаларни келишиш мақсадида Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини таъсис этиш муҳимлиги қайд этилди. Доимий асосда фаолият юритадиган ушбу тузилмага Ташкилот мамлакатлари Бош вазирларининг ўринбосарлари раҳбарлик қилиши мумкин. Кенгашнинг Лойиҳа офисини Тошкент шаҳрида жойлаштириш таклиф этилди.
Кечанинг ўзида Мирзиёев ТДТдаги иштирокини якунлаб, Тошкент шаҳрига қайтиб келди.