Иллинойс штати ҳукумати ва Чикаго шаҳри АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятини федерал судга берди. Улар Трампнинг Миллий гвардиянинг 300 нафар аъзосини Иллинойсга юбориш ҳақидаги қарорини ноқонуний ва конституцияга зид деб ҳисоблашмоқда.
Даъвода бу қарор “сиёсий мақсадлардан келиб чиққан, хавфли ва конституцияга зид” деб таъкидланган. Шунингдек, Трампнинг Иллинойс ва Чикаго раҳбариятига нисбатан таҳдидли ва ҳақоратли баёнотлари ҳам эслатиб ўтилган.
Аризада Миллий гвардияни “ноқонуний федераллаштиришни” тўхтатиш сўралган. Айбланувчилар сифатида Трамп, ички хавфсизлик вазири Кристи Ноем ва мудофаа вазири Пит Хегсет кўрсатилган.
Аввалроқ суд Трампнинг Портленд шаҳрига федерал кучлар жойлаштириш ҳақидаги қарорини ҳам вақтинча тўхтатган эди.