Энди фуқаролар адашиб ҳам яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиб олмайди

2026 йил 1 мартдан бошлаб рақамли маркировка тизими жорий этилади. Яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларнинг савдоси автоматик чекланади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилади.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–296-сон, 06.10.2025 й.) қабул қилинди. Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб рақамли маркировка тизими орқали товарларнинг яроқлилик муддати ўтган бўлса, уларнинг савдоси ушбу тизим орқали автоматик равишда чекланади.

Бунда рақамли маркировкаланган муддати ўтган товарларга назорат-касса техникаларида харид чеки чиқарилмайди.

2025 йил 15 октябрдан 2027 йил 1 январга қадар тажриба тариқасида нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда “сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш тартиби жорий этилади.