Бугун жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида А.Турсунов (1974 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган) иши бўйича биринчи инстанциядаги суд жараёни якунланди.
Олий суд маълумотига кўра, А.Т. Жиноят кодексининг
156-моддаси 2-қисми — миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш,
244¹-моддаси 3-қисми “г” банди — жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш,
244³-моддаси — диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда сақлаш ёки тарқатиш
бўйича айбли деб топилди.
Суд Жиноят кодексининг 57, 59 ва 61-моддаларини қўллаб, унга 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Жазо умумий тартибли колонияда ўталади.
Шу билан бирга, интернетдаги Facebook, Instagram, Telegram ва YouTubeдаги “Mubaşşir Ahmad” ҳамда “Azon Global – Муқобил ахборот-таҳлилий канали” саҳифа ва каналлари фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланди.
Суд қарорига кўра, тарафлар Тошкент шаҳар судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят ёки протест киритиш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамиз, Мубашшир Аҳмад жорий йил май ойида Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилган эди.