«2+6» дастурига мувофиқ ёшларга тил ўрганиши учун субсидия ажратилади

Ҳукумат қарори (632-сон, 08.10.2025 й.) билан “Ёшларнинг ўқув марказларида хорижий тилларни ўқиш харажатлари бир қисми учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, «2+6» дастури белгиланган хорижий тилларни билиш бўйича баллнинг (даражанинг) камида минимал кўрсаткичли сертификатига эга бўлган ариза берувчи ўқув маркази томонидан унга хорижий тилни ўқитиш хизмати кўрсатилганда, дастлабки 2 ой учун ўқиш харажати ўз ҳисобидан тўланади, кейинги 6 ойгача бўлган муддат учун эса Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари доирасида субсидия ажратилади.

«2+6» дастурига мувофиқ, ёшларга ҳар ой якуни бўйича қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:

  • Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 2 бараваригача;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида – БҲМнинг 1,5 бараваригача;
  • Туман (шаҳар)ларда – БҲМнинг 1 бараваригача.

Агентлик томонидан 2025–2026 йилларда ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган 20 минг нафаргача, 2031 йилга қадар эса ҳар йили 20 минг нафаргача ёшларга ўқиш харажатлари учун субсидия ажратилади.

Бунда тегишли йилда субсидия ажратилган ёшлар сони 20 минг нафардан ошган тақдирда, ўша йил учун субсидия ажратиш кейинги йилга қадар тўхтатилади.

Ариза берувчиларнинг хорижий тилни ўқитиш харажати учун субсидия фақат қуйидаги талабларга жавоб берувчи ўқув марказларига ажратилади:

  • Ўқув маркази белгиланган тартибда электрон платформа орқали рўйхатдан ўтган бўлиши;
  • Ариза берувчиларнинг машғулотларда қатнашишини кунлик электрон назорат қилиш имконини берувчи электрон платформага интеграция қилинган бўлиши.

Шундагина «2+6» дастури доирасида субсидия ажратилади.