Жиззахда 37 нафар бола озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланди

Жиззах вилоятининг Фориш туманида 2025 йил 9 октябрь куни бир неча мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларнинг оммавий заҳарланиши кузатилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси маълумотларига кўра, соат 9:00 дан 16:00 гача бўлган вақт ичида 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар бола иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиши ва ҳолсизлик каби шикоятлар билан шифокорларга мурожаат қилган.

Эпидемиологик суриштирув натижасида аниқланишича, болалар 8 октябрь куни ўзлари тарбияланаётган таълим ташкилотида биокефир, сир ва сариёғ каби маҳсулотларни истеъмол қилган. Шундан кейин уларда ошқозон-ичак тизими билан боғлиқ оғриқли ҳолатлар юзага келган. Дастлабки текширувлар асосида “ўткир диарея” ташхиси қўйилиб, болалар стационарда тиббий ёрдам олмоқда.

Жиззах вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг дастлабки хулосасига кўра, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш ва ишлов беришда санитария қоидаларига риоя этилмаган. Бу эса болалар соғлиғига салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Ҳозирда Фориш туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205 моддаси 1 қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.