Тошкентда қизни бўғиб ўлдирган 20 ёшли талаба қамалди

Тошкентда ижарага олинган хонадонда 20 ёшли талаба бир аёлни бўғиб ўлдирган. Бу ҳақда Millar дастурида маълум қилинди.

Ҳодиса жорий йил июнь ойида содир бўлган. Маълумотларга кўра, талаба ижарага олган уйига бир аёлни жинсий муносабат учун чақирган. Учрашув пайтида улар ўртасида жанжал келиб чиққан ва йигит қизни бўғиб ўлдирган.

Жиноят содир этилгандан сўнг, у жасадни чойшабга ўраб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Суд мажлисида айбланувчи ҳолатни қуйидагича изоҳлади:

“Мен интим хизматлар ҳақидаги каналдан бир қиз билан боғландим. У 1 миллион сўм сўради. Учрашув пайтида у ким биландир гаплаша бошлади, кейин мени қўрқитиб, шантаж қилди. Шу пайт жанжал чиқди ва ҳолат шундай тугади”, — деган талаба.

Суд уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (“Қасддан одам ўлдириш”) билан айбдор деб топиб, 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.