Тергов изоляторида 64 ёшли аёл вафот этгани айтилмоқда

Самарқанд вилоятида қўй ўғирлашда гумон қилинган 64 ёшли Л.И. исмли аёл тергов изоляторида вафот этди. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Маълумотларга кўра, у 25 июл куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниб, 7-сонли тергов изоляторига жойлаштирилган. Аёл диабет касаллиги билан оғриган бўлса-да, адвокатларининг тиббий экспертиза тайинлаш ҳақидаги илтимоси қондирилмаган.

Ташановнинг ёзишича, аёлнинг аҳволи оғирлашгач, у Тошкентдаги “Сангород” шифохонасига олиб борилган, кейин яна изоляторга қайтарилган. Бугун эса у вафот этгани ҳақида хабар тарқалган.

Ҳозирча расмий идоралар томонидан мазкур ҳолат бўйича расмий изоҳ берилмаган.