Чинозда йўлни тўсиб, тартибсизлик уюштирган икки киши қамалди

Тошкент вилояти Чиноз туманида йўлни тўсиб, оммавий тартибсизлик келтириб чиқармоқчи бўлган икки шахс суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилди.

Маълумотларга кўра, улар аввалдан тил бириктириб, 2025 йил март ойида Тошкент–Термиз йўлининг Чиноз туманидан ўтган қисмида йўлни тўсишга уринишган.

Айбланувчи А.О. ижтимоий тармоқ орқали фуқароларни бу ҳаракатга чорлаб, одамлар орасида норозилик уйғотишга ҳаракат қилган. Кейинчалик улар йўлни юк машинаси билан тўсиб, тирбандлик юзага келишига сабаб бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди ҳукмига кўра:

  • А.О. (1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган, илгари судланмаган, Instagram’dagi Abror Ahrorjon o‘g‘li Otajon саҳифаси эгаси) — ҳақорат қилиш, оммавий тартибсизлик уюштириш ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатишда айбдор деб топилиб, 5 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди.
  • Б.Ш. (1985 йилда туғилган, илгари беш марта судланган) эса оммавий тартибсизлик уюштиришда айбдор деб топилиб, 3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Ҳар икки шахс жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.
Суд ҳукми устидан қонунда белгиланган тартибда Тошкент вилоят судига шикоят ёки протест берилши мумкин.