Мадагаскарда ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтди

Мадагаскарда қарийб уч ҳафта давом этган норозилик намойишларидан сўнг президент Андри Радзуэлин мамлакатни тарк этди. Ҳокимиятни CAPSAT элита ҳарбий бўлинмаси бошлиғи полковник Майкл Рандрианирина қўлга олганини эълон қилди.

Ҳарбийлар Сенат, Конституциявий суд ва Сайлов комиссияси фаолиятини тўхтатди, аммо парламентнинг қуйи палатаси ишини давом эттирмоқда. Президентни импичмент қилиш ҳақида қарор қабул қилинган, аммо унинг қонунийлиги шубҳали — чунки Радзуэлин олдинроқ парламентни тарқатган эди.

Маълумотларга кўра, Радзуэлин ўз ҳаёти хавфсизлиги учун мамлакатни тарк этган ва Франция ҳарбий самолёти орқали чиқиб кетган. Унинг қаердалиги ҳозирча маълум эмас.

Норозиликлар 25 сентябрда бошланган бўлиб, аввал электр ва сув танқислиги сабаб бўлган, кейин эса сиёсий талаблар — президент истеъфосига қадар кенгайган. Намойишларни куч билан тарқатиш жараёнида БМТ маълумотига кўра, 22 киши ҳалок бўлган.

Дам олиш кунларида CAPSAT бўлинмаси намойишчилар томонига ўтгач, вазият кескин ўзгарди. Бу бўлинма илгари ҳам 2008 йилда Радзуэлинни ҳокимиятга келтирган давлат тўнтаришида иштирок этган.

Мадагаскар Африкадаги энг қашшоқ давлатлардан бири бўлиб, аҳолининг учдан икки қисми қашшоқлик чегарасида яшайди.