Япониянинг Кансай халқаро аеропорти 30 йил давомида биронта ҳам йўловчининг юкини йўқотмаган. Daily Mailхабарига кўра, бу натижа аеропортга 8 марта “Жаҳоннинг энг яхши багаж етказиб бериш аеропорти” унвонини олиб келган.
Осака кўрфазидаги сунъий оролда жойлашган Кансай аеропорти ҳар йили миллионлаб йўловчиларга хизмат кўрсатади. 2023-йилда 10 миллиондан ортиқ багажни қабул қилган бўлса-да, биттаси ҳам йўқолмаган.
Бу мукаммаллик японларга хос аниқлик ва масъулият натижасидир — ҳар бир жомадон уч мартадан текширилади, мўрт буюмлар қўлда ташилади, намлик сезилса, ходимлар уни қуритиб беради.
Шу билан бирга, аеропорт ҳозирда чўкиш хавфи билан юзлашмоқда. 14 миллиард долларга қурилган сунъий орол 11,5 метрга пасайган ва муҳандислар бунинг олдини олиш устида иш олиб бормоқда.