Фонд бозорида рекорд ўсиш: 9 ойда 14 трлн сўмлик савдо амалга оширилди

“Тошкент” Республика фонд биржаси 2025 йил январь–сентябрь ойлари бўйича ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида биржа савдолари ҳажми 14 трлн сўмни (1,09 млрд доллар) ташкил этди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 баробар кўп.

Бироқ битимлар сонида пасайиш қайд этилди: ҳисобот даврида 328 375 та битим тузилган бўлиб, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 17,21% камайган.

Шу билан бирга, бозордаги ижобий динамикани UCI индекси ҳам тасдиқламоқда — индекс 7,01% га ошиб, 701,05 пункт даражасида ёпилган.

Акциялар капиталлашуви кўрсаткичи ҳам барқарор ўсишни намоён этди: 267,93 трлн сўм (22,2 млрд доллар) — бу ўтган йилга нисбатан 11% кўп демакдир.

Ҳисобот даври якунида Биржа котировкалаш варағига 93 та эмитентнинг 135 та акция инструментлари киритилган.