Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари вакиллари билан учрашув ўтказмоқда

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари вакиллари билан учрашув ўтказмоқда. Давлат раҳбари касаба уюшмалари аъзоларига ўзининг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини изҳор этди.

“Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида дадил қадам ташлаяпмиз. Қанчалик қийин бўлмасин, халқимиз билан биргаликда меҳнат қилиб, барча синов ва машаққатларни муносиб енгиб ўтмоқдамиз. Меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг ҳиссаси беқиёс”, — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев инсон меҳнати ва унинг қадр-қиммати жамиятдаги энг бебаҳо бойлик эканини таъкидлаб, касаба уюшмалари фаолларига меҳнат жамоаларида адолат ва рағбат муҳитини яратишдаги хизматлари учун миннатдорчилик билдирди.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун” ғоясини амалга ошириш йўлида кейинги саккиз йилда мамлакат иқтисодиётига 130 миллиард доллар инвестиция киритилди, миллионлаб иш ўринлари яратилди, жон бошига даромад 3,5 минг долларга етди.

Президент янгиланган Конституция, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси, “Аҳоли бандлиги тўғрисида” ва “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш меҳнаткашлар ҳуқуқини таъминлашда муҳим қадам бўлганини қайд этди.

Шунингдек, ижтимоий институтларни қўллаб-қувватлаш ҳажми 2017 йилга нисбатан 100 баробар ошиб, бу йил 1,2 триллион сўмга етгани, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ҳам устувор вазифа экани таъкидланди.