Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) маълумотига кўра, жорий ҳафта охири — 18-19 октябрь кунлари мамлакат ҳудудига салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда.
Синоптиклар хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаво ҳарорати +2 даражагача пасайиши мумкин. Тонгги вақтларда республика шимоли ва тоғларда ҳарорат ноль даражага яқинлашиши, бошқа ҳудудларда эса суткалик ҳарорат минимумлари +5…+10 даража оралиғида бўлиши айтилмоқда.
Гидрометеоролог Э.Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, бу синоптик жараён асосан қуруқ бўлади, фақат тоғ ҳудудларида қисқа муддатли ёғин кузатилиши эҳтимолдан холи эмас. «Бу каби мавсумда ва ҳарорат шароитида тоғларда қор ёғиши ҳам мумкин», — дейди мутахассис.
Ўзгидрометнинг қўшимча маълумотида айтилишича, кейинги ҳафта ўрталарига бориб, ҳаво ҳарорати яна кўтарилиши кутилмоқда.