Ўзбекистонда 8 та банк жарима тортилди

Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси томонидан жорий йилнинг сентябрь ойида ўтказилган йиғилишда 43 та масала кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Бу ҳақда UzA хабар берди.

Маълум қилинишича, 28 та масала рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида, 15 та масала эса кредит ташкилотларининг молиявий ҳолати ва қонунчилик талабларига риоя этилиши билан боғлиқ бўлган.

Текширувлар жараёнида пруденциал талабларни бузгани ва қонунчиликка амал қилмагани учун 7 та банк ва 13 та тўлов ташкилотига огоҳлантириш берилган.

Шунингдек, 8 та банкка нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш қоидаларини бузгани, ҳамда банк хизматларини кўрсатиш жараёнидаги қонунбузарликлар учун жарима санкциялари қўлланилган.

Маълумотга кўра, жарималар инспекция текширувлари давомида ва ички назорат қоидаларига риоя этишда аниқланган қоидабузарликлар, шунингдек, банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларда қонун талабларига амал қилинмагани сабабли қўлланилган.

Хабарда жарима тортилган банклар номи очиқланмаган.