Ўзбекистон бюджетига йил бошидан буён 150 триллион сўм солиқ тушди

Жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон бюджетига 158,7 триллион сўм солиқ тушди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга юқори.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, ўсиш барча асосий солиқ турлари бўйича қайд этилган. Бу, хусусан, яширин иқтисодиётга қарши фаол кураш билан белгиланади.

Энг катта улушни фойда солиғи — 35,4 трлн. сўм ва қўшилган қиймат солиғи — 32,5 трлн. сўмни ташкил этган. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар 30,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 19 фоизга кўпдир.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари 16 триллион сўмни (ўсиш 24 фоиз), акциз солиғи 14,4 триллион сўмни (14 фоиз), давлат божлари, йиғимлар ва жарималар 13,8 триллион сўмни (30 фоиз) ташкил қилган.

Ер солиғи 7,2 триллион сўм, мол-мулк солиғи 6 триллион сўм, айланмадан 2,4 триллион сўм, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва солиқ бўлмаган тушумлар 0,7 триллион сўмни ташкил этади.

Ҳудудлар бўйича солиқ тушумларининг ўртача ўсиши тўққиз ойда 27 фоизни, учинчи чоракда эса 30 фоизни кўрсатди. Навоий вилояти (86 фоиз), Фарғона (39 фоиз), Тошкент шаҳри (33 фоиз) ва Сирдарё вилояти (32 фоиз) етакчилик қилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда тадбиркорлар ер, мол-мулк, даромад ва ижтимоий солиқлар бўйича ҳисоботларни мустақил равишда тузишлари шарт бўлмайди. Барча зарур ҳужжатлар солиқ органлари ходимлари томонидан тайёрланади.