Ҳиндистонда қария бир киши одамлар унга қандай муносабатда эканини билиш учун ўз дафн маросимини уюштирди. Бу ҳақда NDTV хабар берди.
74 ёшли Моҳан Ланнинг сўзларига кўра, у яқинлари орасида кимнинг унга нисбатан чин дард билан қайғуришини билишни истаган. Шу мақсадда у ўзининг сохта дафн маросимини уюштирган. Уни ҳақиқий дафн маросимидаги каби мусиқа садолари остида крематорийгача кўтариб боришган. Қишлоқнинг юзлаб аҳолиси бу маросимда иштирок этиб, барча диний урф-одатларга амал қилган.
Бироқ крематорий олдидаги сўнгги лаҳзаларда Лан тўсатдан туриб олган. Бу ҳолат унинг ҳақиқатан ҳам вафот этганига ишонган одамларни жуда қўрқитган. Кейин крематорий ходимлари унинг рамзий қуғирчоғини ёқишган, Лан эса йиғилганларни дастурхонга таклиф қилган.
Маълум бўлишича, Моҳан Лан ўз қишлоғида яхши танилган инсон — у шу ердаги янги крематорийни ҳам ўз ҳисобига қурдирган. У бева, икки ўғил ва бир қизни якка ўзи тарбиялаб келмоқда.
Аввалроқ Ҳиндистонда яна бир шов-шувли ҳодиса содир бўлган — Бхау Лашке исмли йигит ўз дафн маросимида тирик эканини билдирадиган белги берган. “Биз дафнга тайёрланаётган эдик, у эса бирдан ҳаракатлана бошлади ва йўталди”, — деган унинг қариндошларидан бири.