Чиноз туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан янги маълумотлар эълон қилинди. Маълум бўлишича, ҳалокатга сабабчи ҳайдовчи ҳақиқатан ҳам хизматдаги ЙПХ инспектори бўлган.
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов аввалроқ ҳайдовчини “собиқ инспектор” деб маълум қилган эди. Бироқ кейинроқ аниқланишича, у ҳодиса вақтида ҳам ЙПХ тизимида фаолият юритган.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи Муҳаммад Одилов имзолаган расмий жавоб хатда инспектор Даврон Йўлдошев ҳали ишда экани, унинг хизматда қолиши ёки ишдан бўшатилиши масаласи суд қароридан сўнг ҳал этилиши қайд этилган.
Марҳум ҳайдовчининг отаси Хайрулла Убайдуллаев бу ҳолатни қаттиқ қоралаб, қуйидагича фикр билдирди:
“Ўғлим инспекторнинг хатоси туфайли ҳалок бўлди, у эса жавобгарликка тортилиши ўрнига ишини давом эттирмоқда,” — деди у.
Гувоҳларнинг таъкидлашича, ЙТҲ содир этилган пайтда инспектор Даврон Йўлдошев ЙПХ формасида бўлган ва қўлида инспекторлар учун махсус таёқча ҳам бўлган.
Ҳозирда ҳодиса бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.