Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ноқонуний дори воситалари савдоси фош этилди.
Жиззах шаҳрида 1993 йилда туғилган икки нафар фуқаро тегишли ҳужжатларсиз 400 дона “MISOPROSTOL” таблеткаси, 139 дона капсула, 2 дона бальзам ва 26 дона қадоқ қутиларни 5 минг АҚШ долларига сотиш пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Тезкор тадбир давомида уларга тегишли аёллар фитнес-клубида яширин цех фаолияти ҳам аниқланди. Цехда дори воситаларини қўлбола усулда қадоқлаш, тақсимлаш ва сотувга тайёрлаш ишлари амалга оширилгани маълум бўлди. У ердан 1 дона қадоқлаш ускунаси, 141 дона тайёр капсула, 1 040 дона сохта галограмма, 237 дона штрих-код, 1 014 дона бўш капсула ҳамда турли қути ва пакетлар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.
Самарқанд вилоятида ДХХ бошқармаси бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда эса 1998 йилда туғилган МЧЖ менежери психотроп моддалар сақланган 9 800 дона дори воситасини Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб кириб, 25 миллион сўмга шартли харидорга сотиш пайтида ушланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.