Тошкент вилоятида OLX орқали сохта iPhone сотган 20 ёшли йигит қўлга олинди

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 2005 йилда туғилган йигит OLX платформасида мавжуд бўлмаган iPhone телефонларини сотиш билан боғлиқ фирибгарликларда гумонланиб қўлга олинди.

Тергов маълумотларига кўра, у оммабоп онлайн дўконда аёллар номидан ўнга яқин аккаунт очиб, арзон нархда iPhone сотилишини эълон қилган. Харидорлар билан Telegram орқали боғланиб, олдиндан тўловларни олгач, товарни етказмасдан ғойиб бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ундан жиноий фаолиятда фойдаланилган банк карталари ва телефон рақамларини мусодара қилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, унинг ҳаракатларидан саккиз нафар фуқаро жабрланган.

Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б, д” бандлари (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.