ДХХ 1,5 миллиард сўмга ер сотмоқчи бўлган шахсни қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ер майдонларини ноқонуний сотишга уриниш ҳолатларига чек қўйилди.

Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, туман ҳокимлиги захирасидаги 3,5 гектар ер майдонини “танишлари орқали расмийлаштириб бериш” эвазига 1,5 миллиард сўм талаб қилган.

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ўтказган тезкор тадбирда у 110 минг АҚШ доллари ва 100 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган. 1983 йилда туғилган шахс тадбиркорнинг ишончига кириб, Тахиатош тумани ҳудудидан қуёнчиликни ривожлантириш учун ажратилган 169 гектар ер майдонини гўёки ўзига тегишли деб кўрсатган ва унинг 50 гектарини 50 минг долларга сотмоқчи бўлган.

У ҳам пулни олган вақтда ДХХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳар икки ҳолат бўйича ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.