Шавкат Мирзиёев ноябрда АҚШга расмий ташриф билан боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг ноябрь ойида АҚШга ташриф буюради. У 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё мамлакатлари ва Қўшма Штатлар раҳбарларининг С5+1 форматидаги саммитида иштирок этади.

Саммитга АҚШ президенти Дональд Трамп мезбонлик қилади. Тадбирда минтақадаги ҳамкорлик, иқтисодий ривожланиш ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ташриф олдидан АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ҳамда Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау Тошкентга келиб, амалий учрашувлар ўтказди. Улар Қозоғистонга ҳам сафар қилишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев жорий йил сентябрь ойида ҳам Дональд Трамп билан учрашган эди. Ноябрдаги саммитда икки давлат раҳбарларининг яна бир мулоқоти бўлиши кутилмоқда.