Тошкент шаҳрида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) билан боғлиқ йирик фирибгарлик ҳолати аниқланди.
Маълум бўлишича, олдин солиқ идораларида ишлаган, ҳозирда транспорт ва логистика хизматлари кўрсатувчи масъулияти чекланган жамиятда ҳисобчи бўлиб фаолият юритаётган шахс ўзининг собиқ ҳамкасблари орқали қонунбузарлик йўли билан бойлик орттиришга уринган.
У бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи МЧЖга тегишли 17 миллиард сўмлик ҚҚС манфий фарқ суммасини қайтариш ва тўхтатилган ҚҚС гувоҳномасини қайта фаоллаштириш эвазига 35 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида у МЧЖ таъсисчисидан 20 500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан ҳисобчи ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Дастлабки терговда маълум бўлишича, ушбу “ёзишма” ортида Солиқ қўмитасининг катта инспектори ҳам турган — у жиноят ишига гумонланувчи сифатида жалб этилган.
