Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 11-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчи томонидан ўқувчига нисбатан қўпол муомала ва зўравонлик қилинган ҳолат акс этган видео тарқалди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, воқеа жорий йилнинг май ойида жисмоний тарбия фани ўқитувчиси А.Л. томонидан содир этилган. Текширув натижасида ўқитувчи 9-синф ўқувчиларини паст ўзлаштириш ва дарсларда суст қатнашишни баҳона қилиб ҳақорат қилгани ҳамда жисмоний зўравонликка қўл ургани аниқланган.
Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган хизмат текшируви якунига кўра, ўқитувчининг ҳаракати қонунга зид ва педагогик этика меъёрларига мутлақо мос эмаслиги белгиланди. Шунингдек, мактабнинг маънавий ишлар бўйича директор ўринбосари мазкур ҳолат бўйича чоралар кўрмагани аниқланган.
Натижада жисмоний тарбия ўқитувчиси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Мактаб директори ўринбосарига эса ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди.
