30 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (ЮНЕСКО) 43-сессиясида нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари махсус эҳтиёжга эга болалар учун инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича ЮНЕСКО платформасини яратиш ҳамда касбий таълим бўйича Бутунжаҳон саммитини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистон “Суний интеллект – мактаб” номли пилот лойиҳани амалга оширишга ва ЮНЕСКО кўмагида суний интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар форумини ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.
Шавкат Мирзиёев 19 ноябрни Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилишни ҳамда ЮНЕСКО тузилмаси доирасида Рақамли мерос халқаро институтини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Президент, шунингдек, 2027 йилда Бухоро шаҳрида ЮНЕСКОнинг ижодкор шаҳарлар тармоғи доирасида ҳунармандчилик ва халқ ижоди бўйича Халқаро конгресс ўтказишни таклиф қилди.
Гендер тенглигини илгари суриш ва аёлларнинг лидерлик салоҳиятини ривожлантириш мақсадида, Мирзиёев ЮНЕСКО Аёллар лидерлиги академиясини ташкил этиш ҳамда Самарқанд шаҳрида таълим, маданият ва фан соҳаларида фаол аёллар иштирокида Глобал аёллар форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Давлат раҳбари иқлим ўзгаришининг маданий меросга салбий таъсирини таъкидлаб, “ЮНЕСКО экологик пойтахти” халқаро ташаббусини таклиф қилди ва глобаллашув ҳамда иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни сақлаш бўйича ЮНЕСКО Ижроия кенгаши резолюциясини ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди. Ўзбекистон бу мавзуда Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, устувор йўналишлар қаторида виртуал маконда ёлғон ахборот тарқалишига қарши курашиш, жамоатчилик фикрини ҳимоя қилиш ва камситишга қарши чора кўриш масалалари ҳам қайд этилди.
Президент, болалар маданий контенти бўйича Халқаро фестиваль ўтказиш ва ЮНЕСКОнинг медиа саводхонликни ривожлантиришга оид Комплекс стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
 
					 
							 

 
			 
													
