Ўзбекистонга 3 ноябрдан бошлаб совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши кутиляпти. Шу муносабат билан пойтахтда 2025–2026 йилги иситиш мавсумининг келаси ҳафта бошида бошланиши эҳтимол қилинмоқда.
Гидрометеорология маркази маълумотларига кўра, 3–5 ноябрь кунлари айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши, тоғли ҳудудларда эса қор кўринишида ёғин кузатилиши мумкин. 4–6 ноябрь оралиғида кундузги ҳарорат 8–13 даража, кечаси эса 0–3 даражагача пасайиши кутилмоқда. Бу кўрсаткичлар иситиш тизимини ишга тушириш учун белгиланган меъёрларга мос келади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилги қарорига мувофиқ, иситиш мавсуми ташқи ҳаво ҳарорати 5 кун давомида 8 даражадан паст бўлганда бошланади. Шу асосда Тошкент шаҳар ҳокимлиги иссиқлик тизимини ишга тушириш санасини белгилайди. Ҳозирча пойтахтдаги асосий иссиқлик оператори — “Veolia Energy Tashkent” расмий бошланиш санасини эълон қилмаган.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, жорий мавсумда аҳолининг қўшимча харажатларини камайтириш мақсадида табиий газ истеъмоли бўйича ойлик “ижтимоий меъёр” 100 куб метрдан 500 куб метрдек оширилади. Бу чора иссиқлик таъминоти барқарорлигини таъминлаш ва аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов иситиш мавсумини 7 ноябрдан бошлаш бўйича топшириқ берган эди ва “Veolia Energy Tashkent” ҳоким қарорига мувофиқ тизимни ишга туширган эди.
