Сенат уч давлат чегарасини белгилаш тўғрисидаги шартномани маъқуллади

Ўзбекистон Республикаси Сенати Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегаралари туташган нуқтани белгилаш ҳақидаги Шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади.

Мазкур ҳужжат 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида имзоланган бўлиб, у уч қўшни давлатнинг чегара туташган нуқтасини аниқ белгилайди ва уни халқаро ҳуқуқий асосда мустаҳкамлайди.

Сенаторлар таъкидлашича, бу Шартнома нафақат ҳуқуқий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этади. У Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамловчи тарихий дипломатик қадам сифатида баҳоланмоқда.

Шартнома чегара ҳудудларида яшовчи аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, трансчегаравий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун кенг имконият яратади.

Маълумот учун, ушбу келишув Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббуслари натижасида амалга ошган.

Қонун Сенат аъзолари томонидан маъқулланган.